Ягона геопортал · Ижтимоий объектлар реестри
Норматив-концептуал ҳужжат · тўлиқ матн ва инфографика

ИЖТИМОИЙ ОБЪЕКТЛАР РЕЕСТРИНИНГ ЯГОНА ГЕОПОРТАЛИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИ

Ҳар бир маълумотнинг аниқ манбаси, уни шакллантирувчи ва янгиловчи ташкилот, янгиланиш санаси ҳамда ишончлилиги учун масъул субъект аниқ белгиланади. Энг асосийси — ижтимоий соҳа объектларининг аниқ ва ишончли ягона реестри шаклланади, объектлардан бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатларига чек қўйилади.

Концепция бўлимлари
15бўлим
Маълумот манбалари
6тизим
Масъул субъектлар
7ташкилот
Амалга ошириш босқичлари
4босқич
Саҳифа 1 / 13

01–02 бўлимлар

01

Умумий қоидалар

Мазкур Концепция ижтимоий соҳа объектлари тўғрисидаги маълумотларни ягона геоахборот муҳитида шакллантириш, доимий равишда янгилаб бориш, давлат органлари ахборот тизимлари ўртасида автоматлаштирилган маълумот алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг ишончли ижтимоий объектлар реестрини юритишнинг асосий мақсадлари, вазифалари ва механизмларини белгилайди.

Геопорталда Кадастр агентлигининг ижтимоий инфратузилма объектларига оид кадастр қатламлари билан маълумот алмашинуви таъминланади. Мазкур қатламлар соҳавий маълумотлар билан ўзаро боғланиб, объектларнинг жойлашуви ва ҳуқуқий ҳолатини текшириш учун қўлланилади.

Геопорталда мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, соғлиқни сақлаш, спорт, олий ва профессионал таълим муассасалари ҳамда бошқа ижтимоий инфратузилма объектлари қамраб олинади.

Шунингдек, ижтимоий объектларга хизмат кўрсатиш ва уларнинг ҳудудий қамровини баҳолаш учун ичимлик суви ва оқова тармоқлари, автомобиль йўллари, кўприклар ва бошқа тегишли муҳандислик инфратузилмаси маълумотларидан фойдаланилади.

Концепция доирасида таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ва бошқа ижтимоий соҳа объектларининг жойлашуви, ҳуқуқий ҳолати, техник тавсифлари, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланганлиги, молиявий кўрсаткичлари, штат бирликлари ва бошқа муҳим маълумотларни ягона электрон тизимда бирлаштириш назарда тутилади.

Ягона геопортал ижтимоий соҳа объектларини харита асосида кўриш, таҳлил қилиш, маълумотларни солиштириш, объектлардаги ўзгаришларни кузатиб бориш ва асосланган бошқарув қарорларини қабул қилиш учун марказлашган ахборот манбаи бўлиб хизмат қилади.

02

Концепциянинг мақсади

Концепциянинг асосий мақсади ижтимоий соҳа объектлари бўйича турли вазирлик, идора ва ҳудудий ташкилотларда шаклланадиган маълумотларни ягона геопорталда бирлаштириш, уларнинг долзарблиги ва ишончлилигини таъминлаш ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг ягона ижтимоий объектлар реестрини шакллантиришдан иборат.

Шунингдек, Концепция қуйидагиларни таъминлашга қаратилган:
  • 01ижтимоий соҳа объектлари бўйича ягона ахборот муҳитини яратиш;
  • 02маълумотларни такрорий киритиш ҳолатларини камайтириш;
  • 03давлат органлари ўртасида автоматлаштирилган ахборот алмашинувини йўлга қўйиш;
  • 04объектлар тўғрисидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва долзарблигини таъминлаш;
  • 05ҳар бир ўзгаришнинг асоси, вақти ва масъул ижрочисини қайд этиш;
  • 06давлат мулки ва ижтимоий соҳа объектларидан самарали фойдаланишни назорат қилиш;
  • 07Сенат, тегишли давлат ташкилотлари ва ваколатли органларни ишончли маълумотлар билан таъминлаш;
  • 08ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича қарорлар қабул қилишда геофазовий таҳлил имкониятларидан фойдаланиш;
  • 09геопорталдаги реал ва мунтазам янгиланиб борадиган маълумотлар асосида ижтимоий инфратузилмага бўлган инвестиция эҳтиёжларини аниқлаш, устувор лойиҳаларни саралаш ва инвестиция дастурларини шакллантиришни қўллаб-қувватлаш;
  • 10аҳоли сони ва таркиби прогнози, ички ва ташқи миграция, шу жумладан иқлим ўзгариши таъсиридаги миграция, урбанизация суръатлари ҳамда янги турар-жой қурилиши прогнозларини ҳисобга олган ҳолда комплекс ҳудудий ривожланиш ва ижтимоий инфратузилмани жойлаштиришни режалаштириш.